01.01.1970 06:00

Урология марказида юзлаб беморлар даволаниб, эсон-омон уйларига қайтишмоқда

Республика даражасида ўтказиладиган баъзи мураккаб операциялар ҳудудларда ташкил этилаётганлиги бугун юзлаб фуқароларнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилмоқда.
Анъанага айланиб улгурган навбатдаги мураккаб жарроҳлик амалиётлари Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази Фарғона филиалида ўтказилди. Операциялар пойтахтдан келган мутахассис – Республика ихтисослаштирилган урология илмий-амалий тиббиёт маркази директор ўринбосари Илхом Салимов раҳбарлигида маҳаллий шифокорлар иштирокида ташкил этилди.

—  Бу тадбирдан кўзланган мақсад аввало беморларга жойларда малакали урологик ёрдам кўрсатиш, ҳудуддаги долзарб, муаммоли касалликларни аниқлаш ва олдини олиш бўйича чораларни ишлаб чиқишдир, — дейди тиббиёт фанлари доктори Фурқат Носиров. — Тадбир доирасида ҳудуддаги шифокорлар билан биргаликда юқори ва пастки сийдик йўллари касалликларида замонавий реконструктив каби    пластик операциялар ўтказилди.

Шифокор Илхом Салимовнинг таъкидлашича, мамлакатимизда аҳоли ўртасида тиббий маданиятни шакллантириш, касалликни даволагандан кўра, олдини олган афзал, деган ибора бугун тизимда асосий тамойил сифатида қаралмоқда. Масалан, 50 ёшдан ошган эркаклар камида бир йилда бир марта махсус тиббий кўрикдан ўтиши простата бези саратони касалликларининг эрта аниқланишига сабаб бўлади. Шунингдек, простата специфик антиген қон плазма текшируви, сийдик оқими тезлиги ва қолдиқ сийдик миқдорини аниқлаш, бирламчи УТТ текширувларидан ўтиш ҳамда сийдик таҳлилини топширишни тавсия бермоқда.

❗️Соғлом турмуш тарзига риоя қилишнинг 6 та усули

1.  Тўғри овқатланиш (диетолог маслаҳати доирасида)
2.  Спорт билан мунтазам шуғулланиш
3.  Фаол жинсий ҳаёт
4.  Қабзиятни олдини олиш
5.  Зарарли одатлардан воз кечиш
6.  Гигиенага риоя қилиш.

Вилоятда йил бошидан бери, Давлат тиббий суғурта жамғармаси ҳамкорлигида 107 нафар бемор мазкур шифохонада даволанган ва бунга 300 млн сўм сарфланган. Натижада, қанча-қанча оилаларнинг ота-оналари, фарзандлари, жигарбандлари эсон-омон уйларига қайтишмоқда.

So’ngi yangiliklar