01.01.1970 06:00

Расмий муносабат

Блогер Элёр Тожибоев “Фейсбукда”ги саҳифасида “Фарғонада коррупцияга қарши курашиш бўйича саҳналаштирилган «ШОУ»си Андрей Малаховнинг «Пусть говорят» шоусидан қолишмайди” сарлавҳали хабар эълон қилди. 

 

Унда Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмасининг собиқ бош шифокори М.Шокировга нисбатан «Бюджет ҳамда аҳолига пуллик хизмат кўрсатишдан тушган пулларни жуда кўп миқдорда талон-тарож қилинганлиги ва туғруқхона қурилишида сохтакорликларга йўл қўйилиб, сифатсиз қурилиш олиб борилганлиги» учун Фарғона вилояти прокуратураси томонидан жиноят ишлари қўзғатилганлиги айтилган.

 

Маълумки, бугунги кунда Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи М.Шокиров ўз аризасига кўра ишдан бўшатилган. Ҳозирда Фарғона шаҳар марказий шифохонасининг даволаш ишлари бўйича бош врач ўринбосари лавозимида фаолиятини давом эттирмоқда.

 

Шунингдек, юқорида келтирилган маълумотлар бўйича Фарғона вилояти прокуратураси томонидан ҳеч қандай жиноят ишлари қўзғатилмаган.  

 

Шу ўринда таъкидлаш керакки, тиббиёт ходимларининг шаъни, қадр-қиммати, ишчанлик обрўсига путур етказиш мақсадида бундай ёлғон ва нохолис маълумотларни эълон қилиш нафақат қонун талаблари, балки ахборот етказиш этикасига ҳам тўғри келмайди. Ижтимоий тармоқ фаолларига асослантирилмаган ёлғон маълумотларни тарқатмасликни сўраб қоламиз.

 

Соғлиқни сақлаш бошқармаси
Ахборот хизмати.

So’ngi yangiliklar