01.01.1970 06:00

Қўқонда ота ўз қизига буйрагини берди

Қўқон шаҳрида Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургик маркази директори Саидмурод Исмоилов бошчилигидаги жарроҳлар томонидан илк бор қариндошлик буйрак трансплантацияси ўтказилди. Эътиборли жиҳати, бу каби мураккаб операциялар эндиликда шаҳар ва туманларда ҳам ўтказилаётганидир.

 

Авваллари фақатгина хорижда ёки пойтахтда ўтказиладиган буйрак трансплантацияси амалиёти 2022 йилда вилоятлар марказларида бажарилган бўлса, 2023 йилдан бошлаб шаҳар ва туманларда амалга оширила бошланди. Бунга ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида ўзига хос тараддуд кўрилди. Хусусан Қўқон шаҳрида ҳам.

 

 

Қўқон шаҳрида яшовчи 17 ёшли Нигинабону Маматқуловада 2022 йилда сурункали буйрак етишмовчилиги касаллиги аниқланди. Беморда буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажарилиши зарурлиги маълум бўлди. Ўспирин қизига ўз буйрагини беришга тайёр отаси Умиджон Маматқулов бундай операциялар хорижда ўтказилса керак деган ўйга бориб, бироз иккиланган. Пойтахтда тиббий текширувдан ўтган ота ва қиз жарроҳлик амалиёти улар яшайдиган шаҳарда ўтказилишини эшитишиб ғоят мамнун бўлишди.

 

2022 йилда Фарғонада 4 та буйрак трансплантацияси вилоят ихтисослашган тиббиёт муассасаларида пойтахтлик жарроҳлар билан ҳамкорликда ўтказилган бўлса, 2023 йилдан бошлаб бундай мураккаб жарроҳлик амалиётлари шаҳар ва туманларда ўтказилиши белгиланди. Дастлабкиси Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиали Қўқон шаҳар субфилиалида 48 ёшли отанинг буйраги 17 ёшли қизига кўчириб ўтказилди.

 

—Бемор ҳамда донор таҳлиллари ҳар жиҳатдан мос эканлиги, қариндошлик буйрак трансплантацияси учун айни муддао бўлди, — дейди тиббиёт фанлари доктори, профессор Фазлиддин Баҳриддинов. — Пойтахтлик жарроҳлар юқори технологик мураккаб жарроҳлик амалиётини қўқонлик ҳамкасблари билан биргаликда олиб бордилар.

 

Замонавий тиббий ускуналарга сарфланган катта маблағ, соҳадаги илмий салоҳият ортишига берилган туртки натижасида бугун бемор бўлган юртдошларимиз узоқ масофа босмай, сарсон бўлмай ўзлари яшайдиган ҳудудларида соғайишига, уларнинг оилаларига чексиз қувонч улашиш бахтига эришиляпти. Буларнинг ортида эса юртимизда инсонга, айниқса унинг саломатлигига эътиборнинг юксаклиги мавжуд.

 

Cоғлиқни сақлаш бошқармаси
Ахборот хизмати.

So’ngi yangiliklar