01.01.1970 06:00

Шифокор тавсиясиз дори сотиб олманг!

Барчага маълумки, дорихоналардан харид қилинган “Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситаларини қабул қилгандан сўнг беморларда турли ножўя таъсирлар кузатилгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Текширув жараёнида мамлакатимизда ўткир респиратор касалликларга чалинган 21 нафар боланинг 18 нафарида “Док-1 Макс” сиропини ичиш натижасида ўлим ҳолати аниқланди.
Вафот этган болалар стационар даволанишга келгунига қадар ушбу препаратни уй шароитида бошқа дорилар билан бирга меъёридан анча ортиқ миқдорда қабул қилган.
Дори воситаси таркибидаги асосий модда парацетамол бўлгани учун “Док-1 Макс” сиропи ота-оналар томонидан мустақил ёки дорихона сотувчиларининг тавсияси билан шамоллашга қарши восита сифатида нотўғри қўлланилган. Бу эса беморларнинг аҳволи янада ёмонлашишига сабаб бўлган.
Айни пайтда “Док-1 Макс” таблетка ва сироп дори воситалари юртимиздаги барча дорихоналар савдосидан ўрнатилган тартибда қайтариб олинган.
Ҳурматли фуқаролар!
Дунёда дори-дармонлар рецепт билан ва рецептсиз бериладиган гуруҳга бўлинади. Дори воситаларини шифокорнинг ёзиб берган тавсияси билан сотиб олинг. Аввало шифокорга мурожаат қилинг! “Бошим оғрияпти, қон босимим ошяпти”, деб шифокорга мурожаат этмасдан тўғридан-тўғри дорихонага борманг! Нима учун? Чунки, айрим дорихоначилар мижозга вазифасига кирмаса-да, ўз маҳсулотларини тавсия этади. Агар бемор даволаш муассасасига бориб, малакали шифокорга учраса ва тиббий кўрикдан ўтса, аниқ ташхисдан сўнг дори тавсия этилади, балки умуман дорига зарурат бўлмас.
Ота-оналардан фарзандлари саломатлигига бефарқ бўлмасликларини, дорихоналардан фақат шифокор тавсияси ва рецепти билангина дори воситаларини харид қилишларини сўраб қоламиз!

So’ngi yangiliklar